«Арсенал» «Лилл»нинг 18 ёшли яримҳимоячисини нишонга олди
Франциянинг «Лилл» клуби яримҳимоячиси Аюб Буадди Лондоннинг «Арсенал» жамоаси эътиборига тушди ва клубнинг қишки трансфер ойнаси учун асосий мақсадларидан бирига айланди.
RMC Sport журналисти Фабрис Хоукинснинг X даги хабарга кўра, «канонирлар» 18 ёшли футболчини январда олиб келиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Манбага кўра, инглиз клуби спорт директори Андреа Берта аллақачон Буаддининг атрофидаги вакиллар билан музокаралар ўтказган. Бироқ «Лилл» раҳбарияти шошилмаяпти — клуб яқинда Буаддининг шартномасини 2029 йилгача узайтирган.
«Лилл»нинг стратегияси — ёш иқтидорни январ эмас, балки ёзда янада юқори нархга сотиш. Тахминларга кўра, агар трансфер ёзда амалга ошса, унинг қиймати 50 миллион еврони ошиши мумкин. Transfermarkt маълумотига кўра эса, Буаддининг ҳозирги бозор баҳоси 30 миллион еврога тенг.
Жорий мавсумда Аюб Буадди клуб сафида 18 та ўйинда майдонга тушиб, бир бор голли узатма қайд этди.