«Арсенал», «Барселона» ва «Челси» «Аякс» яримҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда
«Арсенал», «Барселона», «Челси», «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» каби жамоалар «Аякс» яримҳимоячиси Мика Годтснинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб боришмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, бир нечта клубларнинг скаутлари Нидерландия чемпионати доирасидаги «Бреда»га (2:0) қарши ўйинни бевосита стадиондан кузатишган. Мазкур баҳсда 20 ёшли бельгиялик футболчи яккахон рейдидан сўнг голлардан бирини киритган.
Годтс 2024 йил январ ойидан буён «Аякс» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Жорий мавсумда у 39 та ўйинда майдонга тушиб, 16 та гол урди ва 13 та голли узатмани амалга оширди.
2026 йилнинг март ойида яримҳимоячи Бельгия терма жамоаси сафида дебют қилишга улгурди. Transfermarkt портали Годтснинг трансфер қийматини 25 миллион евро деб баҳоламоқда.