«Арсенал» «Байер»дан Инкапьени тўлиқ сотиб олди
«Арсенал» «Байер» ҳимоячиси Пьеро Инкапьенинг тўлиқ трансферини эълон қилди. Бу ҳақда «канонирлар» матбуот хизмати X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Лондон клуби 24 ёшли футболчини ижара шартномасида кўзда тутилган сотиб олиш опциясини фаоллаштирди. Маълум қилинишича, ижара муддати тугагач, Инкапье 2026 йил 1 июлдан бошлаб доимий асосда уларнинг жамоаси ўйинчисига айланади. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, сотиб олиш суммаси 52 миллион еврони ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойида футболчи «Байер»дан ижарага олинганди.
Ўтган мавсумда Инкапье «Арсенал» таркибида 39 та ўйин ўтказиб, битта гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди.
Лондоннинг «Арсенал» клуби 2025/2026 йилги мавсум Англия Премьер-лигаси чемпиони бўлди.