“Арсенал” 40 миллион еврога баҳоланаётган ҳужумчини сотиб олмоқчи
Лондоннинг “Арсенал” клуби ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида Леверкузеннинг “Байер” жамоаси футболчиси Кристиан Кофанени ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. 20 ёшли камерунлик ҳужумчига Англиянинг бошқа клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда трансферлар бўйича инсайдер Экрем Конур хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Арсенал”дан ташқари “Эвертон”, “Астон Вилла” ва “Ньюкасл” ҳам Кофаненинг трансферини амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Камерунлик футболчининг эҳтимолий трансфер қиймати 40 миллион еврога баҳоланмоқда.
“Байер” раҳбарияти ёш ҳужумчини узоқ муддатга жамоада сақлаб қолишни истамоқда. Футболчининг немис клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг июнь ойига қадар мўлжалланган. Ҳозирча унинг трансфери юзасидан расмий келишувга эришилгани ҳақида маълумот йўқ.
Маълумот учун, Кристиан Кофане жорий мавсум Германия Бундеслигасида 4 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол уришга муваффақ бўлган. Камерунлик футболчи 2025 йил ёзида Испаниянинг “Албасете” клубидан “Байер”га ўтган.