Арсен Венгер ФИФА президенти лавозими учун Инфантино билан рақобатлашиши мумкин
Арсен Венгер ФИФА президенти лавозими учун Инфантино билан рақобатлашиши мумкин
Айни пайтда мутахассис ФИФАнинг футболни глобал ривожлантириш бўйича раҳбари лавозимида фаолият юритмоқда.
«Арсенал» собиқ бош мураббийи Арсен Венгер Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти лавозими учун бўлиб ўтадиган сайловда Жанни Инфантинонинг рақибига айланиши мумкин. Бу ҳақда The Times нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2027 йилнинг 18 март куни ўтказиладиган сайловда иштирок этиш учун ҳозирча фақат амалдаги президент Жанни Инфантино ўз номзодини илгари сурган.
Бироқ Инфинтонинг мухолифлари номзодларни рўйхатга олиш муддати якунланадиган 18 ноябрга қадар унга жиддий рақобатчи пайдо бўлишидан умидвор. Уларнинг айримлари Арсен Венгерни президентлик сайловида қатнашишга кўндириш ниятида.
Айни пайтда франциялик мутахассис ФИФАнинг футболни глобал ривожлантириш бўйича раҳбари лавозимида фаолият юритмоқда.
Шунингдек, Иордания шаҳзодаси Али бин Ал Ҳусайн ҳам сайловда иштирок этиши мумкин. У 2016 йилда Инфантино билан ФИФА президенти лавозими учун рақобатлашганди.
Аввалроқ эҳтимолий номзодлардан бири сифатида тилга олинган CONCACAF президенти Виктор Монтальяни эса сайловда қатнашишни режалаштирмаяпти.
Ҳозирча Венгер ва Али бин Ал Ҳусайн ўз номзодларини расман илгари сурмаган. Шу сабабли Инфинтонинг сайловдаги рақиблари ким бўлиши ҳали аниқ эмас.