Арсен Венгер Чемпионлар Лигаси финали олдидан Артетага маслаҳат берди
«Арсенал» клубининг афсонавий собиқ бош мураббийи Арсен Венгер Чемпионлар лигасининг 2025/2026 йилги мавсум финал учрашуви олдидан «канонирлар»нинг амалдаги устози Микел Артетага ўз маслаҳатларини берди.
«Мен нима деб маслаҳат берган бўлардим? Доим нима иш қилаётган бўлсанг, шуни давом эттир ва хотиржамликни сақлашга ҳаракат қил, гарчи бунинг имкони йўқлигини билсам ҳам. Жамоага мустаҳкам ишонч бағишла. Артета буни қандай қилишни жуда яхши билади. У футболчиларни мендан кўра яхшироқ танийди. Жамоа бутун мавсум давомида намоён этган ўша жипсликни сақлаб қолиш керак ва ғалаба учун мана шу етарли бўлади», — дея Венгернинг сўзларини келтирмоқда «Арсенал» расмий сайти.
Маълумот учун, ҳал қилувчи баҳсда Лондон клуби Франциянинг ПСЖ жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув эртага, 30 май куни Будапештдаги (Венгрия) «Пушкаш Арена» стадионида бўлиб ўтади.