Ҳарри Кейн фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
«Бавария» жамоасининг инглиз ҳужумчиси Ҳарри Кейн фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин. Kicker нашри тарқатган хабарга кўра, ушбу тажрибали форвардга Қиролликнинг етакчи клублари, хусусан, «Ал Ахли» ва «Ал Иттиҳод» жамоалари жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Мюнхенликлар раҳбарияти ҳужумчини ўз сафида сақлаб қолиш ниятида эканига қарамай, вазият бирмунча мураккаб тус олиши мумкин. Гап шундаки, футболчининг амалдаги шартномасида 70 миллион евро миқдорида товон пули кўзда тутилган. Келишувга кўра, Кейн ушбу банд кучга киришидан аввал клуб раҳбариятини жамоадан кетиш нияти борлиги ҳақида расман огоҳлантириш ҳуқуқига эга.
Ҳарри Кейн жорий мавсумда «Бавария»нинг мутлақ етакчиси сифатида ажойиб натижалар қайд этмоқда. У барча турнирлар доирасида 35 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 38 бор ишғол қилишга улгурди. 32 ёшли инглиз форвардининг Мюнхен клуби билан имзолаган шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Айни дамда Transfermarkt портали Кейннинг трансфер қийматини 65 миллион еврога баҳоламоқда. Агар Саудия клублари 70 миллион евролиқ товон пулини тўлашга қарор қилса ва футболчининг ўзи ҳам янги чорловга рози бўлса, ёзги трансфер ойнаси вақтида кутилмаган келишув амалга ошиши мумкин.