Арне Слот: «Сити»дан учралган мағлубият «ПСЖ» билан ўйин олдидан бизга ёрдам бермайди»
«Ливерпуль» бош мураббийи Арне Слот Англия Кубоги чорак финалида «Манчестер Сити»дан қабул қилинган йирик мағлубиятдан (0:4) сўнг, жамоасининг Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалидаги имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтди.
«Агар чоршанба куни яхши ўйин ўтказмоқчи бўлсангиз, 0:4 ҳисобидаги мағлубиятнинг ўзиёқ сизга ёрдам бермайди. Янада йирикроқ ҳисоб эса Париж сафари олдидан биз учун катта муаммога айланган бўларди. Мен жамоани ўйинга қайтаришга, ҳисобни 1:4 ёки 2:4 кўринишига келтиришга ҳаракат қилдим. Аммо асосийси — бошқа гол ўтказиб юбормаслик ва ҳисобни шундай сақлаб қолиш эди. Ўша пайтда асосан шуни ўйладим», — дейди Арне Слот.
«Ливерпуль»ни олдинда ЯЧЛ чорак финали доирасидаги «ПСЖ»га қарши ўта масъулиятли ўйинлар кутмоқда. Жамоалар ўртасидаги дастлабки учрашув 8 апрел куни Парижда бўлиб ўтади. Жавоб ўйини эса 14 апрелда «Энфилд»да ўтказилиши белгиланган.