Арне Слот истеъфога чиқарилган тақдирда «Ливерпуль»ни ким бошқариши маълум бўлди
Аввал «Тоттенҳем» ва «Ноттингем Форест» жамоаларини бошқарган Ангелос Постекоглу агар клуб раҳбарияти Арне Слотни ишдан бўшатишга қарор қилса, «Ливерпуль»ни мураббийлик қилиши мумкин. Бу ҳақда TEAMtalk хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, нидерландиялик мутахассис ҳануз клуб раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, «Ливерпуль» эгалари Постекоглуни жамоанинг бош мураббийи лавозими учун муносиб номзод деб ҳисоблашади.
Эслатиб ўтамиз, Арне Слот 2024 йилнинг ёзида «Ливерпуль»ни бошқара бошлаган. Унинг раҳбарлиги остида «қизиллар» 2024/2025 йилги мавсум якунида Англия Премьер-лигасида ғалаба қозонган.
Жорий мавсум эса «Ливерпуль» барча мусобақаларни ҳисобга олганда 9 та мағлубиятга учради, жумладан сўнгги ўйинда Чемпионлар лигасида «ПСВ»га 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди.