Арбелоа: «Жамоа яхши спорт формада ва катта иштиёқ билан ҳаракат қилмоқда»
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 7-тури доирасидан ўрин олган «Монако»га қарши учрашув ҳақида фикр билдирди.
Беллашув бугун, 20 январь куни Мадриддаги «Сантьяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтади.
«Жамоа яхши спорт формада ва катта иштиёқ билан ҳаракат қилмоқда. Шанба куниги ғалабадан кейин, бу мусобақанинг нақадар муҳимлигини яхши тушунган ҳолда, эртанги ғалаба бизни мақсадимизга янада яқинлаштиради. Биз унинг аҳамиятини тўлиқ англаб турибмиз», — дея Арбелоанинг сўзларини келтиради AS нашри.
Эслатиб ўтамиз, аввалги учрашувда «Реал» Арбелоа бошчилигида илк бор ғалабага эришиб, «Леванте»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.
Айни пайтда «қаймоқранглилар» умумий босқич жадвалида 12 очко билан еттинчи ўринни эгаллаб турибди. «Монако» эса тўққиз очко билан 19-поғонада жойлашган.