Арбелоа ва Карвахал ўртасига «совуқчилик» тушди
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа ва жамоа ҳимоячиси Дани Карвахал ўртасидаги муносабатлар инқироз ёқасига келиб қолди. El Chiringuito нашри тарқатган хабарга кўра, мураббий ва футболчи деярли мулоқот қилмаяпти.
Карвахал ўзини майдонга тушишга тўлиқ тайёр деб ҳисобласа-да, бош мураббий уни нима сабабдан захирада қолдираётганини тушунтирмаяпти. Ҳаттоки, тажрибали ҳимоячининг сўнгги пайтларда ўйинолди чигалёзди машғулотларида ҳам кўринмай қолаётгани вазият жиддийлигидан далолат беради.
Дани Карвахал 2013 йилдан буён «қироллик клуби» шарафини ҳимоя қилиб келаётган ҳақиқий афсоналардан бири саналади. У ўтган давр мобайнида барча турнирларда жами 436 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 14 та гол ва 65 та голли узатмани ёздириб қўйишга улгурган. Бироқ жорий мавсум у учун бироз омадсиз кечмоқда: ҳимоячи 10 та ўйинда иштирок этган бўлса-да, ҳали бирорта ҳам самарали ҳаракатни амалга ошира олмади.
Айни дамда Transfermarkt портали 34 ёшли футболчининг трансфер қийматини 7 миллион еврога баҳоламоқда. Жамоа сардорининг «Реал» билан амалдаги меҳнат шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар имзоланган бўлиб, ҳозирча унинг Мадридни тарк этиши ёки мураббий билан келишиб олиши сўроқ остида қолмоқда.