Арбелоа: «Мен дунёнинг энг кучли дарвозабонлари билан бирга ўйнаганман, лекин Куртуа(дан) кучлисини кўрмадим»
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа Тибо Куртуани клуб тарихидаги энг яхши дарвозабон деб ҳисоблашини маълум қилди.
«Мен дунёнинг бир қатор энг кучли дарвозабонлари билан бирга тўп сурганман, уларнинг айримлари тарихда энг яхшиси сифатида эътироф этилади. Бироқ Куртуа(дан) кучлисини кўрмадим. Шубҳасиз, у «Реал» тарихидаги энг яхши дарвозабон. Шахсан мен учун бу борада иккинчи фикр бўлиши мумкин эмас», — деди Арбелоа.
Жорий мавсумда Куртуа барча турнирлар доирасида 39 та учрашувда майдонга тушиб, уларнинг 15 тасида ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолган. Футболчининг «Реал» билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали баҳосига кўра, футболчининг ҳозирги бозор қиймати 18 миллион еврони ташкил этади.