Арбелоа «Бетис»га қарши дурангдан сўнг ҳакамларни танқид қилди
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа Ла Лиганинг 32-туридан ўрин олган «Бетис»га қарши ўйиндаги (1:1) ҳакамликни танқид остига олди.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтда мезбонлар вингери Антони «қаймоқранглилар» жарима майдончаси ичида ҳимоячи Ферлан Мендининг қўлидан тортиб қолди, натижада француз футболчиси йиқилди. Бразилиялик эса тўпни эгаллаб, дарвоза олдига узатди. Тўп Антонио Рюдигернинг тиззасидан қайтди, сўнгра «Бетис» ҳимоячиси Эктор Белерин уни дарвозага йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.
Биринчи бўлимда эса Браим Диаснинг зарбасидан сўнг тўп жарима майдончаси ичида бўлган мезбонлар ҳимоячиси Рикардо Родригеснинг қўлига тегди. Бош ҳакам Сесар Сото Градо меҳмонлар фойдасига пеналти белгиламади.
«Мен учун бу яққол фол эди. Бундай вазиятларда, тана ишлатилганида, мувозанатни йўқотиш учун кўп вақт талаб этилмайди. Бунинг учун эса футболдан бир оз хабардор бўлиш керак. Бизда муаммо бор, чунки қарор қабул қилаётганлар буни тушунишмайди.
Бошқа кўплаб ҳолатлардаги каби ҳафсаламиз пир бўлди. Биринчи бўлимда яққол пеналти бор эди, у орқали биз ўйин тақдирини ҳал қилишимиз мумкин эди», — дея Арбелоанинг сўзларини келтиради AS нашри.