Қаҳрамон Асланов: «Решфорд бу борада айнан муддао»
Журналист ва таҳлилчи Қаҳрамон Асланов Маркус Решфорднинг “Барселона”га кўчиб ўтишини таҳлил қилди:
«Маркус Решфорднинг “Барселона”га ўтмоқчи бўлаётгани ва бунинг учун ҳатто маошини камайтиришга рози экани ҳақида хабарлар юрибди. Футболчининг агенти Барселонага музокара учун борган ҳам. Бир қараганда, каталанликлар ҳужум чизиғи тўлиқ шакллангандек, лекин ўтган мавсумдаги муаммоларни бошдан кечиришни истамаса, Флик Решфорд ҳақида ўйлаб кўриши ҳам мумкин.
Гап шундаки, айтайлик, агар Ламин Ямал дам олиши керак бўлса, Рафинья ўнг қанотга ўтади ва бу тарздаги ўйинларда жамоа ўнг қанот кучсизланиши билан бирга марказдаги хавфли Рафиньядан ҳам айрилиб қолади. Ёки агар Рафинья ротацияга тушганда барча урғу тўлиқ ўнг қанотга ўтиб кетиши ва жамоа ўйини ҳимоячилар учун тушуниш осон бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам тўлиқ таркибда “Барселона” кучли кўрингани билан, Флик ротация қилишга уринаётган пайтда муаммоларга дуч келаверди. Ротация эса зарур – Ямал барибир ҳали ёш, бутун мавсум бир хилда ўтказа олмаслиги мумкин.
Маркус Решфорд бу борада айнан муддао. У навбати билан Рафинья ёки Ямалга дам берилишида бўшлиқни тўлдириши, керак бўлганда эса, ҳар иккиси билан бирга учлик ҳосил қилиши мумкин – Решфорд – Рафинья – Ямал учлиги ҳужумда ёки бир ҳужумчи ортида ўта хавфли кўринади.
Яна бир муҳим фактор – Маркуснинг нархи. “Манчестер Юнайтед” уни 40 миллион фунтга яқин суммага қўйиб юборишга рози. Решфорд эса мос шартлар остида энг юқори даражага ҳам чиқишга қодир. Бундай салоҳиятга эга бўлган футболчилар (масалан, Нико Уильямс) бозорда икки баробар қиммат баҳоланади. “Барселона” нари борса қанот ҳимоячиси берадиган пулга олдинги чизиқ учун мос бўлган топ-ҳужумчи, жуда бўлмаганда, қўшимча опция ва ротация учун шароит яратиб берадиган активга эга бўлиши мумкин.
Агар “Барселона” ўзи бу ёзда кимнидир сотиб олмоқчи бўлса, ҳужум чизиғи тўлдирилиши керак бўлган муҳим позициядир», – деб ёзади Асланов