АПЛнинг икки клуби Тринкауга жиддий қизиқиш билдирмоқда
«Манчестер Сити» ва «Тоттенхэм» Лиссабоннинг «Спортинг» клуби ҳамда Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Франсишку Тринкауга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Record нашри хабар берди.
Манбага кўра, Тринкау аввалроқ Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига ўтишга яқин келган. Бироқ футболчи ҳозирча бу трансферни расмийлаштиришга шошилмаяпти.
Қайд этилишича, португалиялик вингер Англия Премьер-лигасининг икки гранди — «Манчестер Сити» ва «Тоттенхэм»дан тушган таклифларни ҳам кўриб чиқишга қарор қилган. Шу сабабли у Португалия терма жамоаси жаҳон чемпионатини тарк этганидан кейин барча вариантларни синчиклаб ўрганишни маъқул кўрган.
Франсишку Тринкау Португалия футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. У фаолияти давомида «Брага», «Барселона» ва «Вулверхэмптон» клублари сафида ҳам тўп сурган.
2025/2026 йилги мавсумда Тринкау барча мусобақаларда 54 та учрашувда иштирок этиб, 13 та гол урди ва 18 та голли узатмани амалга оширди.