АПЛ. «Ноттингем Форест» Гиббс-Уайтнинг хет-триги эвазига «Бёрнли»ни мағлуб этди
Англия Премьер-лигасининг 33-тури доирасида «Ноттингем Форест» ва «Бёрнли» жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Ноттингемдаги «Сити Граунд» стадионида бўлиб ўтган баҳсда «ўрмончилар» 4:1 ҳисобига ишончли ғалабани қўлга киритишди.
Учрашувнинг 45+2-дақиқасида Зиан Флемминг меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ иккинчи бўлимда Морган Гиббс-Уайт ҳақиқий шоу кўрсатди: у 62-дақиқада мувозанатни тиклаган бўлса, 69 ва 77-дақиқаларда рақиб дарвозасини яна икки бор ишғол қилиб, хет-трик қайд этди. Ўйинга қўшиб берилган 90+8-дақиқада эса Игор Жезус мезбонларнинг тўртинчи голига муаллифлик қилди.
Ушбу ғалабадан сўнг «Ноттингем Форест» 36 очко билан турнир жадвалида 16-ўринни эгаллаб турибди. «Бёрнли» эса 20 очко билан 19-поғонадан жой олган.
Навбатдаги турда, 24 апрел куни «Ноттингем Форест» сафарда «Сандерленд» билан куч синашса, «Бёрнли» 22 апрел куни ўз майдонида «Манчестер Сити»ни қабул қилади.