АПЛ. «МЮ» бешта гол уриладиган ўйинда «Ливерпуль»ни мағлуб этди
Англия Премьер-лигасининг 35-тури доирасида марказий учрашув якунланди. Манчестердаги «Олд Траффорд» стадионида бўлиб ўтган «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» жамоалари ўртасидаги баҳсда «қизил иблислар» 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Даррен Ингланд бош ҳакамлик қилган ўйин голларга бой ва шиддатли кечди.
Учрашув манкүниянликларнинг катта устунлиги билан бошланди. Олтинчи дақиқадаёқ Матеус Куня ҳисобни очиб, мезбонларни олдинга олиб чиққан бўлса, 14-дақиқада Бенямин Шешко «Ливерпуль» дарвозасини иккинчи бор ишғол қилди. Бироқ мерсисайдликлар иккинчи бўлимда ўйинга қайта олишди: 47-дақиқада Доминик Сободзлай фарқни қисқартирди, 56-дақиқада эса Коди Гакпо мувозанатни тиклади. Ўйиннинг ҳал қилувчи голи 77-дақиқада ёш иқтидор эгаси Кобби Майну томонидан киритилди ва у жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.
Ушбу муваффақиятдан сўнг «Манчестер Юнайтед» очколарини 64 тага етказиб, турнир жадвалида учинчи ўринни мустаҳкамлаб олди. «Ливерпуль» эса 58 очко билан тўртинчи поғонада қолмоқда.
Навбатдаги турда «Манчестер Юнайтед» 9 май куни сафарда «Сандерленд» меҳмони бўлади. «Ливерпуль» эса айнан шу куни ўз майдонида Лондоннинг «Челси» клубини қабул қилади.