АПЛ клублари маош чегарасига қарши овоз беришди
Англия Премьер-лигаси клублари лига доирасида маошлар учун «потолок» жорий этиш таклифига қарши овоз берди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда. Шу билан бирга, энг кам зарур овоз билан таркиб харажатлари коэффициенти — SCR (Squad Cost Ratio) тизимини жорий этиш маъқулланди.
Манбага кўра, маошлар бўйича чеклов киритиш масаласида ўтган овоз беришда етти клуб «ҳа», 12 клуб «йўқ» деб овоз берган, яна бир иштирокчи эса бетараф қолган.
SCR бўйича овоз беришда эса 14 клуб «ҳа» деб овоз берди — бу янги қоида қабул қилиниши учун зарур бўлган минимал чегарадир. АПЛнинг олти клуби бу қарорга қарши чиқди.
Қабул қилинган тартибга кўра, клубларнинг умумий таркиб харажатлари (футболчилар ва мураббийлар штаби маошлари, шунингдек трансфер тўловлари ва агентлар комиссиялари) 2026/2027 йилги мавсумдан бошлаб клуб даромадининг 85 фоизи билан чекланади. Еврокубокларда қатнашадиган клублар учун эса бу кўрсаткич UEFA талабларига биноан барибир 70 фоиз этиб белгиланади.