АПЛ. «Арсенал» «Фулҳэм»ни йирик ҳисобда мағлуб этди
Англия Премьер-лигасининг 35-тури доирасида Лондоннинг «Арсенал» клуби ўз майдони — «Эмирейтс» стадионида «Фулҳэм» жамоасини қабул қилди. Австралиялик ҳакам Жарред Жиллетт бошқариб борган ушбу учрашув «канонирлар»нинг 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди.
Учрашувнинг 9-дақиқасида Виктор Гёкерес ҳисобни очган бўлса, 40-дақиқага келиб Букайо Сака орадаги фарқни иккитага оширди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган тўртинчи дақиқада (45+4) Гёкерес ўзининг дублини расмийлаштириб, ўйинга амалда нуқта қўйди.
Ушбу ғалабадан сўнг «Арсенал» ўз очколари сонини 76 тага етказиб, турнир жадвалида якка пешқадамликни давом эттирмоқда. Жамоанинг энг яқин таъқибчиси — «Манчестер Сити» билан орадаги фарқ ҳозирда 6 очкони ташкил этмоқда. Бироқ таъкидлаш жоизки, «шаҳарликлар» ҳисобида ҳали захирадаги икки та ўйин мавжуд. «Фулҳэм» эса мағлубиятдан сўнг 48 очко билан жадвалнинг 10-поғонасида қолди.
Чемпионлик пойгасида бораётган «Арсенал» навбатдаги турни 10 май куни меҳмонда «Вест Хэм»га қарши ўтказади. «Фулҳэм» эса 9 май куни ўз майдонида «Борнмут»ни қабул қилади.