Анвар Ғофуров: «Айрим футболчилар ўйинга 100 фоиз тайёр эмаслиги сезилди»
Суперлиганинг 10-тури доирасида кечган «Сўғдиёна» – «Сурхон» (5:2) учрашувидан сўнг меҳмонлар мураббийи Анвар Ғофуров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мутахассис йирик мағлубият сабаблари ва жамоадаги ҳолат ҳақида тўхталиб ўтди.
«Айрим футболчилар баҳсга 100 фоиз тайёр эмасдек туюлди ва бу ўйинда ҳам яққол сезилди. Шундай бўлса-да, мукаммал даражага чиқиш учун жамоа сифатида ҳали кўп ишлашимиз кераклиги кўриниб қолди. Бугун футболчилар ўйинга тўлиқ киришиб кета олишмади. Лекин бу футбол — ҳар доим ҳам ғалаба қозониб бўлмайди, пасайиш ва юксалишлар табиий ҳолат.
Ҳозирча вақт бироз тиғиз, тақвим зич. Бироқ бунинг ижобий жиҳати ҳам бор — ўйинлар кўплиги сабабли ротация қиляпмиз ва деярли барча футболчиларга имконият берилмоқда. Аммо бу имкониятдан ким қандай фойдаланаётгани — бу алоҳида масала».
«Шахсан ўзим ҳам масъулиятни ҳис қиламан — балки айрим хатоларга йўл қўйгандирман. Энг муҳими, биз бир жамоа бўлиб ишлашда давом этишимиз керак. Ишонаманки, вақт ўтиши билан жамоамиз янада яхшиланади ва ижобий ўзгаришлар бўлади», — дея хулоса қилди мураббий.