Антонио Рюдигер жамоадоши билан жанжаллашиб қолди
Мадриднинг «Реал» клуби ҳимоячиси Антонио Рюдигер ва жамоанинг яна бир футболчиси ўртасида келишмовчилик юз берди. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, апрель ойида «қаймоқранглилар» машғулот базасидаги кийиниш хонасида германиялик ҳимоячи ва асосий таркиб футболчиларидан бири ўртасида низо келиб чиққан. Таъкидланишича, ушбу можаро ташаббускори Рюдигернинг ўзи бўлган. Кейинчалик Антонио ўзининг бундай хулқ-атвори учун узр сўраган ва вазиятни юмшатиш мақсадида 1 май куни барча жамоадошларини оила аъзолари билан бирга тушликка таклиф қилган.
Жорий мавсумда 33 ёшли Антонио Рюдигер барча турнирлар доирасида 24 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол муаллифига айланган. Футболчининг Мадрид клуби билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг июн ойига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ҳимоячининг айни дамдаги бозор қиймати 9 миллион еврони ташкил этмоқда.