Ангренга катта футбол шукуҳи қайтмоқда
Ангрен шаҳри яна катта футбол ҳайажони остонасида турибди. Жорий йилнинг 13-апрель куни Ангрендаги «Марказий» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Биринчи лигасининг янги мавсумига тантанали равишда старт берилади. Мазкур сана нафақат спорт мусобақасининг бошланиши, балки барча ишқибозлар учун чинкам байрамга айланиши кутилмоқда.
ОКМК профессионал футбол клуби тасарруфидаги «ОКМК-Семурғ» жамоаси янги мавсумни ўз майдонида бошлайди ва 1-тур доирасида «Фарғона ФА» жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Соат 16:30да «Марказий» стадион яшил майдонида «ОКМК Семурғ» ҳамда «Фарғона ФА» жамоалари ўртасидаги муросасиз баҳс старт олади.
Мазкур учрашув Олмалиқ ва Ангрен шаҳри аҳолиси учун бирдек аҳамиятли бўлиб, ҳар икки шаҳар аҳлини ягона мақсад йўлида бирлаштиради. Зеро, жамоани қўллаб-қувватлашда олмаликликлар ва ангренликлар доимо ҳамжиҳат бўлиб, майдонда ягона куч сифатида намоён бўладилар. Ушбу бирлик жамоанинг янги ғалабалар сари интилишида асосий пойдевор бўлиб хизмат қилади.