Англиялик дарвозабон Уганда қиролига айланди
Англиянинг қуйи лигаларида тўп сураётган 36 ёшли дарвозабон Жорж Десмонд Камураси Угандадаги Торо қироллигининг янги ҳукмдори этиб танланди. “SE Dons” клуби дарвозабони ва сардори бўлган футболчи яқин вақт ичида қироллик тахтини эгаллаши кутилмоқда.
Камураси Торонинг собиқ қироли Ойо Ньимба Кабамба Игуру Рукиди IVнинг амакиваччаси ҳисобланади. Қирол август ойида АҚШда саратон касаллигидан даволанаётган пайтда вафот этган. Шундан сўнг 21 кишидан иборат ворислик қўмитаси Камурасини янги ҳукмдор сифатида танлади. Расмий эълон аввалги қиролнинг дафн маросимидан кейин қилиниши кутилмоқда.
Жорж Камураси айни пайтда Лондоннинг жануби-шарқида жойлашган “SE Dons” сафида фаолият олиб бормоқда. Жамоа Англия футбол тизимининг тўққизинчи поғонасида иштирок этади. Дарвозабон фаолияти давомида “Ҳерн-Бей”, “Кройдон” ва “Эшфорд Юнайтед” каби қуйи лига клубларида ҳам ўйнаган.
Маълумот учун, Торо Уганданинг ғарбий қисмида жойлашган анъанавий қиролликлардан бири ҳисобланади. Унинг ҳукмдори асосан маданий ва рамзий вазифаларни бажаради. Уганда конституциясига кўра, анъанавий қироллар давлат бошқарувида маъмурий ёки қонунчилик ваколатларига эга эмас.