Англияда ирқчилик ва камситиш учун камида 10 ўйинлик дисквалификация жорий этилади
Англия футбол ассоциацияси (FA) янги мавсумдан бошлаб ирқчилик ва бошқа турдаги камситувчи хатти-ҳаракатлар учун жазоларни янада қатъийлаштирди. Эндиликда бундай қоидабузарликда айбдор деб топилган футболчилар, мураббийлар ва расмийлар камида 10 та ўйинга дисквалификация қилинади.
Янги тартибга кўра, жаза ирқи, миллати, тери ранги, дини, жинси, жинсий ориентацияси, ногиронлиги ёки бошқа ҳимояланган белгилар асосида камситувчи сўз ёки ҳаракатлар содир этилган ҳолатларга нисбатан қўлланилади. Оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланса, дисквалификация муддати янада узайтирилиши мумкин.
FA ушбу қарор футболни камситиш ва нафратга қарши янада самарали ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинганини таъкидлади. Ташкилот сўнгги йилларда бу борада муайян ютуқларга эришилганига қарамай, дискриминация ҳануз футболнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб қолаётганини қайд этди.
Аввал амалда бўлган тартибга кўра, бундай қоидабузарликлар учун тавсия этилган дисквалификация муддати 6 тадан 12 тагача ўйинни ташкил этарди. Энди эса стандарт минимал жаза 10 ўйин этиб белгиланди. Фақат алоҳида енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, жаза камайтирилиши мумкин.