Англияда Хусановнинг “Манчестер Сити”даги илк ўйинларидаги ишончсиз ўйини сабаблари айтилди
Англия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Хусановнинг “Манчестер Сити” сафидаги дастлабки ўйинларидаги ишончсиз ҳаракатларига изоҳ беришди.
Daily Mail нашрининг ёзишича, Хусанов Англияга ўтишидан аввал Франция чемпионатида қишки танаффус сабабли бир ойга яқин вақт давомида машғулот ўтказмаган. Кейин эса “Манчестер Сити”га трансфери тайёрланаётгани муносабати билан у собиқ жамоаси “Ланс” билан ҳам машғулотларда қатнашмаган. Натижада, “Челси”га қарши дебют ўйинидан олдин у фақат бир марта жамоа билан умумий машғулот ўтказишга улгурган.
“Манчестер Сити”га ўтганидан кейин Хусанов клуб даражасида 9 та ўйин ўтказиб, бир гол киритди. Жамоа бош мураббийи Пеп Гвардиола унинг келажаги ҳақида фикр билдирди.