Англияда дарвозабонларнинг вақт чўзишга қарши янги қоида синовдан ўтказилади
Агар тажриба муваффақиятли якунланса, қоида келажакда доимий равишда футбол қонунларига киритилиши мумкин.
Фото: Getty Images
Англия футболида дарвозабонларнинг сохта жароҳат баҳонасида ўйинни тўхтатиб, вақт чўзишга қарши янги қоида жорий этилмоқда. 2026/27-йилги мавсум давомида ушбу тартиб синов тариқасида қўлланилади.
Янги қоидага кўра, агар ўйин дарвозабоннинг жароҳати сабаб тўхтатилса ва у майдонда тиббий ёрдам олса, ўйин қайта бошлангач жамоанинг майдон футболчиларидан бири камида бир дақиқага майдонни тарк этиши керак бўлади. Мураббий ёки жамоа сардори 10 сония ичида қайси футболчи чиқишини белгилайди.
Мазкур қоида дарвозабон билан тўқнашув, унга нисбатан қоидабузарлик, қон кетиши ёки ҳақиқий жиддий жароҳатлар каби ҳолатларга татбиқ этилмайди. Агар тажриба муваффақиятли якунланса, қоида келажакда доимий равишда футбол қонунларига киритилиши мумкин.
Насрулло Каримов
Журналист