Англия ЖЧ-2026 вақтида футболчилар яхши ухлашлари учун махсус уйқу тўпламларини етказиб беради
Англия футбол ассотсиацияси (FA) 11 июн куни АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида старт оладиган ЖЧ-2026 вақтида футболчиларнинг тикланиши учун оптимал шароитларни таъминлаш мақсадида қўшимча чоралар кўришга мажбур бўлди.
Терма жамоа бош мураббийи Томас Тухел турнир давомида жамоа АҚШнинг Канзас-Сити шаҳридаги «The Inn at Meadowbrook» меҳмонхонасида жойлашиши ҳақидаги қарордан норози бўлган. Немис мутахассисини меҳмонхонадаги яшаш шароитлари хавотирга солмоқда. Бунга сабаб — меҳмонлар томонидан хоналарнинг овоз ўтказувчанлиги ёмонлиги ва уйқу пайтидаги ноқулайликлар борасида билдирилган шикоятлардир. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
Бундай хавфларни минималлаштириш учун FA меҳмонхонага спортчиларнинг сифатли ухлаши ва тўлиқ тикланиши учун мўлжалланган махсус уйқу тўпламларини етказиб беришни ташкил қилади. Ушбу тўплам таркибига тана тузилишига мослашувчи индивидуал матрас қопламалари, персоналлаштирилган ёстиқлар, ҳароратни тартибга солувчи гелли ёстиқчалар, эргономик уйқу ниқоблари ва ташқи шовқинларни тўсувчи махсус қулоқчинлар киради.
Бу ташаббус ассотсиациянинг футболчилар тикланиши учун қулай шароит яратиш борасидаги узоқ муддатли стратегиясининг бир қисмидир. Аввалроқ, шунга ўхшаш чоралар ЖЧ-2018 вақтида Россияда ҳам қўлланилган бўлиб, ўшанда Англия терма жамоаси Санкт-Петербургдаги меҳмонхонага қоронғулантирадиган жалюзилар ўрнатган эди. Евро-2024 мусобақасида эса жамоа уйқу сифатига эътибор қаратиш учун махсус воситалардан фойдаланган.