locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Англия футбол клубларининг 94 фоизи молиявий зарар билан ишламоқда

Мамлакат футболидаги умумий қарздорлик жорий мавсум якунига қадар 5 миллиард фунт стерлингдан ошиши прогноз қилинмоқда.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Фото: Getty Images

Англия футболидаги юқори бешта дивизионда иштирок этувчи клубларнинг 94 фоизи 2025/26-йилги мавсумни молиявий зарар билан якунлаган. Мамлакат футболида даромадлар ошиб бораётганига қарамай, аксарият жамоаларнинг молиявий аҳволи оғирлигича қолмоқда. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Манбага кўра, Англия футболи устидан назорат қилувчи мустақил регулятор (IFR) томонидан эълон қилинган “State of the Game” ҳисоботида клубларнинг молиявий ҳолати таҳлил қилинган. Унга кўра, Англия футболи бир мавсум давомида 9 миллиард фунт стерлингдан ортиқ даромад келтирган. Бироқ клубларнинг катта қисми харажатларини қоплашда қийналмоқда. Айниқса, қуйи дивизион вакиллари ўз эгаларининг молиявий ёрдамига қаттиқ боғланиб қолган.

Ҳисоботда Англия футбол лигаси (EFL) ва Миллий лига клубларининг қарийб учдан икки қисми техник жиҳатдан тўловга қобилиятсиз экани қайд этилган. Шунингдек, клубларнинг 29 фоизи эгалари молиявий ёрдамни тўхтатган тақдирда 30 кундан ортиқ фаолият юрита олмаслиги аниқланган. Регулятор клубларнинг ҳаддан ташқари кўп маблағ сарфлаши ва қарздорликнинг ортиши футбол тизимига жиддий хавф туғдираётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, ҳисобот Англиянинг бешта юқори дивизионидаги 116 та профессионал клуб фаолиятини қамраб олган. Уларнинг қарийб 109 таси молиявий зарар билан ишламоқда. Мамлакат футболидаги умумий қарздорлик жорий мавсум якунига қадар 5 миллиард фунт стерлингдан ошиши прогноз қилинмоқда. IFR вазиятни яхшилаш мақсадида харажатлар устидан назоратни кучайтириш ва клублар ўртасида даромадларни адолатли тақсимлаш бўйича ислоҳотларни таклиф қилган.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг