Андреа Пирло ўзининг «орзулар жамоаси»ни тузди
«Милан», «Ювентус» ва Италия терма жамоасининг собиқ плеймейкери, футбол оламида «профессор» лақаби билан танилган Андреа Пирло фаолияти давомида бирга тўп сурган жамоадошларидан иборат рамзий терма жамоасини шакллантирди. Пирло ўзининг «олтин таркиби» учун 4-3-3 тактик чизмасини маъқул кўрган.
Мазкур танлов акс этган махсус видео «Родина» клубининг Telegram-каналида эълон қилинди. Пирлонинг талқинига кўра, жаҳон футболи юлдузлари қуйидаги тартибда жойлашган:
Дарвозабон: Жанлуижи Буффон.
Ҳимоячилар: Кафу, Паоло Мальдини, Алессандро Неста, Жанлука Дзамбротта.
Яримҳимоячилар: Андреа Пирло, Даниеле Де Росси, Артуро Видал.
Вингерлар: Роналдиньо, Кака.
Ҳужумчи: Роналдо.
Маълумот ўрнида, Андреа Пирло 2001 йилдан 2011 йилга қадар «Милан» сафида тўп суриб, ҳақиқий афсонага айланган. Шундан сўнг у «Ювентус» сафига кўчиб ўтиб, туринликлар муваффақиятига муносиб ҳисса қўшган. Тажрибали яримҳимоячи фаолиятига АҚШнинг «Нью-Йорк Сити» клубида якун ясаган.
Италия терма жамоаси сафида 116 та учрашувда майдонга тушган Пирло 2006 йилги Жаҳон чемпионатида «занғори гвардия» билан бош совринга эга чиққан.