Андижонни тарк этган Самвел Бабаян ўрнига Ислом Аҳмедов вақтинча бош мураббий этиб тайинланди
“Андижон” клуби қароргоҳида раҳбарият ва жамоа аъзолари ўртасида кун тартибидаги масала юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унга кўра, маҳаллий мутахассис Ислом Аҳмедов вақтинча бош мураббий лавозимига тайинланди. Бунгача у мураббийлар штабида фаолият олиб бораётган эди.
Маълумот учун, Ислом Аҳмедов 1986 йилнинг 8 июль санада таваллуд топган. Андижон футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. Футболчи сифатида “UzDongJu”, “Динамо” (Самарқанд), “Сўғдиёна” ва албатта “Андижон” шарафини ҳимоя қилган.

Мураббий сифатида Андижон футбол академиясида кўп йиллар давомида самарали иш олиб борган.
Шунингдек, жамоамиз мураббийлар штабида Аҳмедовга Сергей Арслонов яқиндан ёрдам беради. У 1986 йилнинг 6 ноябрь санада таваллуд топган бўлиб, ўйинчилик фаолиятини “Машъал”, “Шўртан”, “UzDongJu” сингари клубларда ўтказган. Қолаверса, “Пахтакор”, “Кубань” (Россия) ва “Динамо” (Киев, Украина) академияларида таҳсил олган. Мураббий сифатида Қирғизистоннинг "Дордой” клубини бошқарган. Шунингдек, юртимизда “Сурхон”, “Нефтчи” ҳамда “Сўғдиёна” жамоаларида фаолият олиб борган. Эндиликда эса “Андижон”да катта мураббий лавозимида ишлайди.
Бундан ташқари, дарвозабонлар мураббийи сифатида бунгача U21 жамоамизда меҳнат қилиб келаётган Бекзод Тўрғунов иш олиб боради.