Андижон жамоаси ёш тарбияланувчилари халқаро мусобақада 2-ўринни эгаллади
Андижон жамоаси ёш тарбияланувчилари халқаро мусобақада фахрли 2-ўринни эгаллади.
18-23 март кунлари Тошкентда МДҲ давлатлари ўртасида “Дўстлик CUP” халқаро мусобақаси ўтказилди.
Бу турнир болалар футболини янада ривожлантириш йўлидаги муҳим мезонлардан бири сифатида хизмат қилади, дейиш мумкин. 28 та иштирокчи орасида “Андижон” клуби қошидаги “Болалар футбол мактаби”нинг Аброp Солиҳунов ҳамда Акбар Хўжаев мураббийлигидаги тарбияланувчилар ҳам иштирок этдилар.
Гуруҳда “Одил Junior”, “Феникс” ва Қозоғистоннинг “Милан” (Чимкент) жамоаларига қарши беллашган бизнинг тарбияланувчиларимиз қийин гуруҳда фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Нимчорак финалда Сурхондарёнинг “Денов омад” жамоаси 4:1 ҳисобида мағлуб этилди ва жамоамиз ярим финалга йўл олди. Унда эса Қозоғистоннинг таниқли академияларидан бири - “Қайрат” тарбияланувчиларига қарши ўйинда мардонавoр курашган бизнинг тарбияланувчиларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва финал сари йўл олди. Ягона гол эса Абдулло Абдурашидов ҳисобига ёзилди.
Финалдағы рақиб гуруҳда ҳам беллашишган Тошкентнинг “Феникс” хусусий академияси бўлди. Ушбу учрашувда 1:0 натижаси билан рақиб жамоа ғалаба қозонди.
Шу тариқа, “Андижон” ФМ ёшлари халқаро мусобақада фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Гарчи финалда минимал ҳисобда жамоамиз мағлуб бўлган бўлса-да, мусобақа давомида ўзларидан жуда ажойиб таассурот қолдиришди.
Қувонарлиси, “Андижон” ФМ U14 таркибида кашфиёт сифатида янги номлар ҳам пайдо бўлди. Бунга исбот сифатида шуни айтишимиз мумки, турнирнинг энг яхши дарвозабони сифатида жамоамиз аъзоси Фирдавс Рафиқов эътироф этилди.
Бундан ташқари, Муҳаммадёрғашали Ахмадалиев, Абдуллоҳ Абдурашидов, Хумоюн Иброҳимжонов, Дониёр Комилов, Ҳожиакбар Шокиров каби иқтидорларимиз бир қатор учрашувларда ўйиннинг энг яхшилари бўлдилар. 6 кун давом этган мусобақада ёш футболчиларимиз катта тажриба олдилар ва мутахассисларнинг эътиборига тушдилар.