Андижон жамоамиз янги мавсумга катта мақсадлар билан кириб келмоқда
Маълумки, "Андижон" жамоамиз янги мавсумга катта мақсадлар билан кириб келмоқда. Бу мавсумда асосий мақсад — совриндорлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш ва мухлислар ишончини амалий натижалар билан оқлаш. Шу йўлда жамоа ҳозирда Анталия шаҳрида жуда жиддий, пухта ва мақсадли тайёргарлик жараёнларини олиб бормоқда.
Бу тайёргарлик нафақат жисмоний машғулотлар, балки жамоавий руҳ, интизом ва ғалабага бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳар бир машқ, ҳар бир ўйин орқали "Андижон"нинг келажакдаги муваффақиятли қиёфаси қурилмоқда.
Айни шу мақсадда жамоани қўллаб-қувватлаш, тайёргарлик жараёнларини яқиндан кузатиш ва бирдамликни амалда намоён этиш мақсадида "Андижон" клуби раҳбарияти - бош директор Зиёдбек Машрапов, клуб спорт директори Элбек Саматов, Андижон вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти Бекзод Каримов ҳамда фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиев Анталия шаҳрига етиб келишди.
Бу ташриф — жамоага бўлган ишонч, эътибор ва катта масъулият белгиси. Раҳбарият, мутахассислар ва мухлислар бир мақсад атрофида бирлашган ҳолда "Андижон" жамоасини янги мавсумда янада юқори поғоналарга олиб чиқишга бел боғлаган.
Бирдамлик бор жойда ғалаба бўлади. "Андижон" — бу фақат жамоа эмас, бу — бир оила, бир ишонч, бир мақсад. Олдинда биздан катта натижалар кутиб турибди!