«Андижон» янги мавсум олдидан янгиланган таркибини тантанали равишда таништирди
Андижонда янги мавсум олдидан «Андижон» жамоасининг янгиланган таркиби тантанали равишда тақдим этилди. «Универсал» спорт мажмуасида ўтган тадбир мухлислар иштирокида ўтказилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Бу йил жамоа янги қиёфа ва юқори мақсадлар билан майдонга чиқмоқда. Самвел Бабаян бошчилигидаги «бургутлар» мавсумга тўлиқ тайёр экани таъкидланди. Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, жамоага яратилаётган шароитлар ва чемпионлик йўлидаги мақсадлар ҳақида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, «Андижон» камида кучли учликдан жой олиши шарт.
Маросимда таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов ҳамда Туркиянинг «Бешиктош» клуби вакили Гокан Сарибайир ва бошқа меҳмонлар қатнашди. «Ултрас Бургут» фан-клуби эса тадбир давомида юқори кайфиятни таъминлади.
Вилоят ҳокими жамоага қўшилган 17 нафар янги футболчига рамзий равишда либосларни топширди. Улар орасида Драган Черан, Игор Голбан, Иброҳим Йўлдошев, Жамшид Болтабоев, Азизбек Турғунбоев ва бошқа номдор футболчилар бор.
Жамоа номидан сўз олган футболчилар майдонда натижа кўрсатишга ва мухлислар ишончини оқлашга ваъда берди. Тадбир якунида фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиев жамоани қўллаб-қувватлаш давом этишини билдириб, «Андижон» ҳар доим биринчи бўлишга интилиши кераклигини таъкидлади.

