Андижон матбуоти: «Футболдаги қора чизиқлар албатта тугайди»
“Андижон” жамоаси матбуоти Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи учинчи турида Самарқанднинг “Динамо” клуби билан бўлиб ўтган 1:1 ҳисобидаги дурангдан кейин қуйидаги фикрларни келтирди:
“Андижон”нинг Ўзбекистон Кубогидаги иштироки ниҳоясига етди. Асосий эътибор чемпионат ўйинларига қаратилади. Эндиликда жамоамизда янги саҳифа очилади. Бош мураббий сифатида ўзбек футболи афсоналаридан бири Максим Шацких бош мураббий сифатида эълон қилинди. Унга Виталий Шпанюк яқиндан ёрдам беради. Шацких 14 май санасидан жамоани қабул қилиб олади ва дебютини 17 май куни Суперлиганинг 10-тури доирасида сафарда “Шўртан”га қарши ўтказади.
Футболда муваффақиятсиз натижалар бўлиб туриши табиий ва бу ҳолат “Андижон” жамоаси билан юз берди. Кетма-кет омадсизликдан сўнг жамоага янги қон қуйиш талаб этилганди. Футболдаги қора чизиқлар албатта тугайди ва мазкур ёқимсиз ҳолат ниҳоясига етганига умид билдирамиз. Энди барчаси жамоамиз учун муваффақиятли кечишига тилакдошмиз. Янги бош мураббий – Максим Шацких билан бирга олдимизга қўйилган мақсадлар сари олдинга юрамиз. Биз ҳеч қачон тушкунликка тушмаймиз ва орқага чекинмаймиз. Ғалабалар ҳали олдинда. Янгиланган мураббийлар штабини ишонамиз ҳамда омад тилаб қоламиз!
Эслатиб ўтамиз, “бурғутлар” Ўзбекистон кубогининг бу мавсумидаги юришини гуруҳ босқичида якунлади. Андижонликлар Осиёнинг иккинчи ўринли мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишади.