«Андижон» клуби ёш чемпионлар билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги ПҚ-443-сонли қарори ижроси доирасида мамлакатимизда ҳар пайшанба — жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Мазкур ташаббус нафақат ёшларни спортга жалб этиш, балки уларнинг соғлом ва баркамол авлод бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, “Андижон” футбол клуби томонидан навбатдаги маънавий-маърифий ва спортга чорловчи тадбир ташкил этилди. Агар ўтган ҳафтада клуб раҳбарияти шаҳардаг 5-мактаб ўқувчилари билан учрашган бўлса, бу гал эътибор клуб қошидаги футбол мактаби тарбияланувчиларига қаратилди.
Клуб бош директори Зиёдбек Машрапов бошчилигидаги раҳбарият, Андижон вилояти футбол ассоциацияси техник директори Ориф Маматказин ва фан-клуб раиси Нодирбек Ёйчиев ёш футболчилар билан самимий мулоқот ўтказдилар. Учрашув давомида нафақат спортдаги ютуқлар, балки интизом, меҳнатсеварлик ва катта мақсадлар сари интилиш каби муҳим жиҳатлар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Айниқса, яқинда ЎФА ҳузуридаги футбол мактаблари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 2014 йилда туғилган (U-12) ёш тоифасида “Андижон ФМ” жамоасининг фахрли 2-ўринни қўлга киритгани алоҳида эътироф этилди. Бу натижа — ёшлар меҳнати, мураббийлар сабри ва клуб томонидан яратилган шароитларнинг самараси сифатида баҳоланди.
Шу муносабат билан клуб раҳбарияти ёш чемпионларни муносиб тақдирлаб, уларга эсдалик совғаларини топширди. Энг муҳими, уларга келгуси фаолиятида янада юқори марраларни забт этиш учун кучли мотивация берилди.