Анчелотти Неймарни ЖЧ-2026 таркибига киритди, аммо унга қатъий шартлар қўйди
Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти «Сантос»нинг 34 ёшли ҳужумчиси Неймарни 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун якуний рўйхатга киритди. Маълумотларга кўра, мутахассис футболчи билан боғланиб, унинг терма жамоага қайтиши учун қатъий талабларни белгилаб олган.
Анчелотти Неймарга у асосий таркиб футболчиси бўлмаслиги ва сардорлик боғичидан маҳрум этилишини маълум қилган. Шунингдек, ҳужумчи ўзиниги 10-рақамли либосни Винисиус Жуниорга топшириши ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фаолликни чеклаш каби янги ички интизом қоидаларига риоя қилиши шарт. Тажрибали форвард бу шартларнинг барчасини тўлиқ қабул қилган.
Неймар мураббийнинг қарорларини табассум билан қарши олган ва бўлажак турнирда терма жамоага фойда келтириш учун бор кучи билан ҳаракат қилишга ваъда берган. Футболчининг янги шартларга сўзсиз рози бўлгани бош мураббийнинг уни 26 талик якуний қайдномага киритишига асосий сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Бразилия терма жамоаси Марокаш, Гаити ва Шотландияга қарши баҳс олиб боради. Маълумот учун, Неймар Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади (79 та гол).