«Ан Наср» бош мураббийи Роналдунинг жароҳати ҳақида гапирди
«Ан Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Саудия Про-лигасининг 24-тури доирасидаги «Ал Файҳа»га (3:1) қарши ўйинда жароҳат олган жамоа ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг ҳолати ҳақида маълумот берди.
«У мушакларида оғриқ сезди. Иккинчи голни урганимиздан сўнг, мен таваккал қилишни истамадим ва уни алмаштирдим. Тиббиёт бўлими, албатта, унинг ҳолатини баҳолайди, бироқ у шунчаки мушаклардаги чарчоқни ҳис қилди. Мураббий сифатидаги вазифам — ўйиннинг ҳар бир деталини тушуниш ва керакли вақтда тўғри ўзгаришларни амалга оширишдир. Аммо бунга эришиш учун ўйин тақдирини ҳал қила оладиган ва ўз ҳиссасини қўша оладиган футболчилар ҳам керак», — дея Жезушнинг сўзларини келтиради A Bola нашри.
Учрашувнинг 11-дақиқасида Криштиану Роналду пеналтидан унумли фойдалана олмади, 81-дақиқага келиб эса ўнг оёғидаги муаммолар сабабли алмаштирилди.
Жорий мавсумда Роналду клуб сафида барча турнирлар доирасида 26 та ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.