Аморим «МЮ»дан бўшатиладиган қарорни оғир қабул қилмоқда
Рубен Аморим «Манчестер Юнайтед» бош мураббийлигидан бўшатилиш қарорини оғир қабул қилмоқда. Бу ҳақда Sky Sports мутахассиснинг яқинларига таянилган ҳолда хабар берди.
Манбага кўра, сўнгги матбуот анжуманларида айтилган гапларга қарамай, Аморим клубни тарк этиш ниятида бўлмаган. У клуб раҳбарияти унинг ишига ҳаддан ташқари аралашганини, жумладан спорт директори Жейсон Уилкокс томонидан кучли назорат бўлганини ҳис қилган. Шунингдек, португалиялик мураббий тактик қарорлар борасида тўлиқ эркинликка эга бўлмаганини таъкидлаган.
Аморим жамоа натижалари етарли даражада яхши бўлмаганини тан олади ва унинг даврида «Юнайтед» АПЛда мураббийлар орасида энг паст ғалаба фоизини қайд этганини ҳам тушунади.
Шунга қарамай, у лавозимида қолганида жамоани ушбу мавсумдаёқ Чемпионлар лигасига олиб чиқишига ишонган. Аморимнинг фикрича, агар унга ҳозирнинг ўзида қўшимча ресурслар ажратилганида, бу нафақат Чемпионлар лигаси йўлланмасини, балки клуб учун янада катта молиявий фойда келтириши мумкин эди.