Аморим: Мен доим ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларингизни ўчириб ташланг деб футболчиларга айтаман
Манчестер Юнайтед бош мураббийи Рубен Аморим навбатдаги тур ўйини олдидан фикр билдирди.
«Брайан Мбеумо кўп гапирадиганлардан эмас, лекин доим ёрдам беришга тайёр. У майдонда жуда кўп ишлайди, тинимсиз прессинг қилади ва ўтган мавсумдагига нисбатан бутунлай бошқа хавф туғдиради. Брайандан жуда мамнунман.
Премьер-лигадан ўйинчи сотиб олиш қимматга тушади, лекин ўтган йилга қарасак, бу анча хавфсизроқ йўл. Энг муҳими – жамоада энг яхши футболчилар бўлиши керак».
Амад ҳақида: «Мен доим футболчиларга айтаман: ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларингизни ўчириб ташланг.
Ҳозир Амад оилавий йўқотиш туфайли оғир аҳволда ва биз уни қўллаб-қувватлаймиз. Бундай пайтда кейинги ўйиннинг аҳамияти йўқ. Биз Амадсиз ҳам ғалаба қозонишимиз мумкин – ва биз айнан унинг учун ғалаба қозонамиз.
Асосий нарса – ўйинни “Челси” ва “Бёрнли”га қарши ўйинлардагидек кайфиятда бошлаш. Ҳар бир учрашувга фақат ғалаба мақсади билан максимал даражада диққатни жамлаб чиқиш керак».