Алварес «Барселона»нинг қизиқиши ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди
Мадриднинг “Атлетико” клуби ҳужумчиси Хулиан Алварес “Барселона” томонидан унга бўлаётган тахминий қизиқиш ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди.
“Миш-мишларга унчалик эътибор бермасликка ҳаракат қиламан, чунки ҳар ҳафта янги бир нарса, ҳар қандай маълумот пайдо бўлади. Бунга энергия сарфламайман ва ўзимни “Атлетико”даги ишимга бағишлайман”, — дея Алвареснинг сўзларидан иқтибос келтиради журналист Фабрицио Романо ўзининг X ижтимоий тармоғида.
Жорий мавсумда Алварес клуб сафида барча мусобақаларда 47 та ўйинда майдонга тушиб, 19 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди. Футболчининг “Атлетико” билан амалдаги меҳнат шартномаси 2030-йилнинг 30-июнига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, форварднинг трансфер баҳоси 90 миллион еврони ташкил қилади.