Альмада «Ривер Плейт»га ўтди
2022 йилги жаҳон чемпиони, Аргентина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Тьяго Альмада Мадриднинг «Атлетико» клубидан «Ривер Плейт»га кўчиб ўтди. Бу ҳақда Аргентина клуби матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар ўртасидаги шартнома уч ярим йилга мўлжалланган.
Аввалроқ ОАВда тарқалган хабарларга кўра, «Ривер Плейт» Альмада трансфери учун 20 миллион евро тўлайди. Агар бу сумма тасдиқланса, трансфер Аргентина чемпионати тарихидаги энг қиммат харидга айланади.
Шу билан бирга, «Атлетико» футболчини 40 миллион евро эвазига қайта сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолган. Мадрид клуби ушбу ҳуқуқдан 2027 йил декабрига қадар фойдаланиши мумкин.
Альмада «Атлетико» сафида 2025 йил ёзидан буён тўп тепиб келаётган эди. У ўтган мавсумда барча мусобақалар доирасида 40 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол урди ва 2 та голли узатма амалга оширди.
Transfermarkt портали футболчининг тахминий қийматини 20 миллион евро деб баҳолаган.