“Қаллоблар тўдаси”: Европада ўзбек футболчисидан норозилик билдиришди
Ўзбекистонлик ёш футболчи Муҳаммадали Уринбоевнинг Бельгиянинг “Антверпен” клубига ўтгани мухлислар томонидан танқидларга сабаб бўлди. Fergana.media нашрининг ёзишича, баъзи мухлислар клуб раҳбарияти, хусусан, спорт директори Марк Овермарсни “дилетантлар” ва “қаллоблар тўдаси” деб аташди.
Уринбоев “Антверпен” билан тўрт йиллик шартнома имзолади. Трансфернинг тахминий қиймати — 500 минг евро. Мухлислар бу қарорни Овермарс томонидан қабул қилинган навбатдаги баҳсли қадам сифатида баҳолашмоқда. Аввалроқ улар клубнинг асосий ҳимоячиси Желя Батаяни эркин агент сифатида йўқотилганидан ҳам норози бўлишган эди.
Шу билан бирга, Voetbalprimeur нашри Уринбоевнинг трансфери клубнинг умумий стратегиясига мос келишига эътибор қаратган. Еврокубоклардан четлашган ва молиявий имкониятлари чекланган “Антверпен” асосий эътиборни арзон ва истиқболли футболчиларга қарата бошлаган. Уринбоевдан ташқари клуб Джеффри Хайреманс, Даам Фулон ва япон дарвозабони Таиси Нодзава билан шартнома имзолаган — ва бу трансферлар мухлислар томонидан нормал қабул қилинган.
20 ёшли Уринбоев учун бу — Европадаги илк профессионал тажриба ҳисобланади. У аввал Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси шарафини ҳимоя қилган, 2023 йили эса Англиянинг “Брентфорд B” клубида ижара асосида тўп сурган. У ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон терма жамоаси сардори ҳам ҳисобланади. Шу билан бирга, Уринбоев — Жюпиле Лига тарихида тўп сурган биринчи ўзбек футболчисига айланди.