«Ҳалл Сити» АПЛда қанча даромад қилиши маълум бўлди
«Ҳалл Сити» 2016/2017 йилги мавсумдан буён илк бор Англия Премьер-лигасига қайтди ва келаётган 2026/2027 йилги мавсумда 200 миллион евродан ортиқ даромад олишни кафолатлади. Бу ҳақда Sky Sports нашри хабар бермоқда.
Клуб даромадининг асосий манбалари телевизион ҳуқуқлар ва Премьер-лиганинг даромадларни тақсимлаш механизмлари бўлади. Манбанинг ҳисоблашича, жамоа ҳатто келаси мавсумнинг ўзидаёқ қуйи лигага тушиб кетган тақдирда ҳам, умумий ҳисобда қарийб 228 миллион евро ишлаб олиши мумкин. Бу эса инглиз футболи юқори дивизионига қайтишнинг иқтисодий жиҳатдан қанчалик улкан самара беришини тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, «Ҳалл Сити» Чемпионшип плей-офф босқичи финалида «Мидлсбро»ни мағлуб этиб, АПЛ йўлланмасини қўлга киритди. Яримфиналда «Ҳалл Сити» «Миллуолл»дан устун келган эди (0:0, 2:0). «Мидлсбро» эса аслида «Саутгемптон»га имкониятни бой берган (0:0, 0:1), бироқ «авлиёлар» бошқа жамоаларнинг машғулотларини яширинча видеога олгани учун уларга техник мағлубият ёзилган. Аввалроқ «Ковентри Сити» ва «Ипсвич Таун» клублари тўғридан-тўғри АПЛга йўлланма олган эди.