Алишер Асроров: «Ким нима десе десин-у, Бруно Фернандеш ўша мақтовли Беллингемдан ҳам баландда туради»
Сони бўйича дунёдаги энг кўп мухлиси бор жамоа бу “Манчестер Юнайтед” деб айтсак муболаға бўлмайди. Албатта, “Юнайтед”нинг фанатлари ҳақиқатда жуда кўп. Тўғри, охирги йилларда жамоа ўз даражаси ва обрўсини анчагина йўқотиб қўйди, бироқ “Юнайтед” мухлислари ҳали ҳам ўз жамоасини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Ана шундай инсонлардан бири Алишер Асроров билан Европа лигаси ярим финал дастлабки учрашувлар доирасида “Атлетик Бильбао” ҳамда “Манчестер Юнайтед” жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин суҳбатлашдик. Асроров “Юнайтед”нинг ғалабасидан кейин қуйидаги фикрларни билдирди:

"Кеча “Атлетик Бильбао”га қарши ўйинда “Манчестер Юнайтед” ғалаба қозонди, лекин баҳс натижасидан ташқари, олдинги учрашувларни ҳам ҳисобга олган ҳолда мен қуйидаги хулосалар чиқардим:
Угарте яхши экан.
Бошида сотиб олинганида “нега керак? Мактоминей яхшироқ эди” деб жаҳл қилган эдим. Охирги бир неча ўйинда у ўзини характери ва қобилиятларини кўрсатмоқда. Шундай давом этса яхши натижаларга эришади, худо хоҳласа;

Магуайр қайтди.
Харри Магуайр фаолияти давомида жуда кўп қийин вазиятга тушди: Грецияда полициячилар билан уришгани (дарвоқе, ўша полициячилар “Ливерпуль” фанатлари эканлиги аниқланган), ҳимояда ишончсиз ўйнаши, сардорлик боғичи олиб қўйилиши шулар жумласидандир. Лекин, мен Харрига доим ишонганман ва у ҳозирда нафақат ҳимоядаги ишончли ўйини билан, балки ҳужумга тегаяпган фойдаси билан ҳам яна “МЮ” мухлисларини муҳаббатини қозонмоқда;

Каземиро барибир бошқа даража.
Мен Каземиро “Реал”дан ўтганида очиғини айтсам шок бўлган эдим. Шундай калибрдаги ўйинчини “Реал”дан сотиб олганимиз катта омад эди. Тўғри, у доим стабил ва яхши ўйнаган, аммо жорий мавсум бошларида хатоликлар билан ўйнаб кетишга яқин эди, аммо Рубен Аморим айтганидек “фикрни ўзгартириб юбoрди”
Барибир Каземиродек ўйинчилар муҳим паллаларда охиригача курашиб, ғалаба олиб келиб беришни билади;

Бруно – монстр.
Бруно шундоқ ҳам бизнинг асосий юлдузимиз, сардоримиз, лидeримиз, лекин навбатдаги ўйинда, қолаверса статистикага қарасак ҳам шуни кўряпмизки – Бруно Фернандеш дунёдаги энг кучли футболчилардан бири. Ишончим комил, агар “МЮ” бу ҳолатда эмас, Чемпионлар лигаси жамоаси бўлиб ўйнаганида эди, “олтин тўп”га асосий даъвогар айнан португал бўлар эди. Ким нима десе десин-у, назаримда Бруно ўша мақтовли Жуд Беллингемдан ҳам бир поғона баландда туради деб ҳисоблайман",-дейди “Манчестер Юнайтед”нинг “Атлетик” устидан қозонган йирик ғалабасини таҳлил қилган мухлис.
