Али Алиев Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига чиқиши билан табриклади
Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи Али Алиев Ўзбекистон миллий жамоасини 2026 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олгани муносабати билан табриклади.
— Ўзбекистонни мундиалга чиққани билан табриклаймиз. Бу мамлакат ва халқ учун катта хурсандчилик. Бироқ менимча, УЕФА миқёсида рақобат даражаси бошқача. Қозоғистонда Франция каби терма жамоалар меҳмон бўлади, биз «Астана Арена»да Мбаппе ва бошқа юлдузларни кўриш имконига эгамиз. Яқин орада Лукаку бошчилигидаги Бельгия терма жамоаси ҳам ташриф буюради. Шунинг учун, мамлакат учун УЕФА таркибида иштирок этиш жуда катта аҳамиятга эга, — деди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё саралашининг тўққизинчи турида БАА билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва жаҳон чемпионатига чиқишни таъминлади. Бу — мамлакат тарихидаги илк йўлланма ҳисобланади.