Алессандро Неста Де Дзербининг мураббийлар штабига қўшилишдан бош тортди
«Милан» клуби афсонаси ва собиқ ҳимоячиси Алессандро Неста «Тоттенҳэм» бош мураббийи Роберто Де Дзербининг ўз мураббийлар штабига қўшилиш борасидаги таклифини рад этди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Николо Скира хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, Неста ўз фаолиятини фақат бош мураббий сифатида давом эттириш ниятида ва клублардан келадиган таклифларни кутмоқда. Шу билан бирга, Де Дзерби Лондон клубидаги ўз штаби таркибини шакллантириш ишларини давом эттирмоқда.
50 ёшли мутахассис Алессандро Неста 2025 йилнинг ёзида «Монца» клубини тарк этган эди ва ўшандан бери ишсиз бўлиб турибди. У аввалроқ «Реджана», «Фрозиноне», «Перуджа» ва «Майами» клубларида ҳам бош мураббий сифатида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Роберто Де Дзерби бир неча кун аввал «Тоттенҳэм» бошқарувига келди ва жамоа Чемпионшипка тушиб кетган тақдирда ҳам клубни тарк этмаслигини расман маълум қилди.