Александр Хомяков: «Бешта ҳимоячига ўтиш бизга сезиларли ёрдам беради деб ўйламайман»
Суперлиганинг 22-туридан ўрин олган "Бунёдкор" – "Бухоро" (2:1) учрашувидан кейин
”Бухоро" бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этди.
"Рақиб жамоани табриклаймиз. Уларнинг сўнгги ўйинларда борган сари яхшиланиб бораётгани кўриниб турганди, мураббий келиши билан, ҳиссиётлар... Ёш йигитлар ҳаракат қилишяпти, бор кучларини беришяпти, футбол ўйнашни хоҳлашяпти ва бу ўз натижасини беряпти. Биз ҳақимизда эса нимаям дердим... Агар сиз ҳали ғалаба қозонмаган бўлсангиз, унда биз сиз билан ўнаймиз. Ёрдам берамиз ва ғалаба қозонасиз.
Биринчи бўлимдаги даҳшатли ўйин, умуман тушунарсиз ўйин бўлди. 45-дақиқадаги аҳмоқона гол, бундай голлар бизда аллақачон одатга айланиб қолган. Биринчи 10 дақиқада албатта гол ўтказиб юборишимиз керак ўзи. Одатда ўзимизга ўзимиз урардик, бугун рақиб урди. Шунинг учун офарин "Бунёдкор". Йигитлар ҳаракат қилишди, улар бизни ҳақли равишда мағлуб этишди деб ҳисоблайман", - дея гап бошлади Александр Хомяков.
- Мен биринчи навбатда дарвозабонни кузатдим. Ўйин ҳар хил бўлди. Тўп назорати, майдонда ҳаракатланиш нуқтаи назаридан - сиз "Бунёдкор"ни ортда қолдирдингиз. Лекин вазиятлар нуқтаи назаридан уларда вазият деярли бўлмади.
- Тўрт марта зарба беришди, иккитаси кирди. Уларда йўқ жойдан гол бўлди.
- Дарвозабоннинг иши бўйича савол бор эди. Исмларга тўхталмасдан, умуман дарвозабоннинг ўйинига қандай изоҳ бера оласиз?
- Дарвозабон узоқ вақт ўйнамагани, ўйин амалиётисиз қолгани кўриниб турганди. Эпизодларда унинг асабийлашаётгани ҳам сезилди. Шунинг учун ҳа, у яхшироқ ўйнаши мумкин эди. Лекин умуман олганда, уни айблашдан фойда йўқ, бутун жамоа расво ўйнади. Яна бир бор айтаман, айниқса биринчи бўлимда. Сабаблари тушунарли. Ҳамма мутахассислар бизнинг жамоаларга тайёргарлик кўраётганда сабаб нима эканини кўришади. Биз ўзимизни футболчи ҳисоблай бошладик, футбол ўйнай оламиз деб ўйлаб қолдик. Муаммо мана шунда. Биз жанг қилишни тўхтатдик, яккакурашларда ютишни тўхтатдик. Бугунги ўйинда, айниқса биринчи бўлимда, бутун иккинчи тўпни, барча қайтган тўпларни ютқаздик. Ҳаммамиз тўп билан бўлишни хоҳлаймиз. Ва энг асосий муаммо - бу психология. Мана нечанчи ўйиндирки, 10-дақиқадаёқ гол ўтказиб юборяпмиз. Ҳозирча буни эплай олмаяпман. Қандай санкциялар киритишни ҳам билмайман. Дастлабки 10 дақиқада майдонда йўқмиз, доим рақибга имконият беряпмиз. Яна бир бор қайтарaman: 45-дақиқада мутлақо аҳмоқона гол бўлди. Қайтган тўпларни юта олмаётганимизни кўра туриб, ўша узун узатмани оширишдан нима мантиқ бор эди? Ўзимизга ўзимиз кийиниш хонасига гол олиб киряпмиз. Сабаблари тушунарли ва бу вазиятда танаффусга чиқишимиз бизга жуда ёрдам беради, чунки жамоани қайтадан йиғиш керак.
- Бу мавҳумлик етакчиларга ҳам таъсир қиляптими? Бугун Эсанов ўзига ўхшамади. Родични майдонда йўқолиб қолгандек. Бунёдкор эса худди пираньялардек рақибга ташланди.
- Улар ёш болалар, гарчи биз бу ҳақда огоҳлантирган бўлсак ҳам. Агар биз уларга ўйин ритмини ҳис қилишларига ва ўйинлари қовушаётганини сезишларига йўл қўйиб берсак - улар шундай ўйнашда давом этишади. Афсуски, уларга шундай ўйнашга ўзимиз йўл қўйиб бердик. Биз барча курашларни ютқаздик. Бизда марказий ярим ҳимоячилар йўқ эди, жамоага олов берадиган, шу орқали жамоа ўйнаб, очко йиғадиган йигитлар йўқ эди. Ҳимоядаги қатъий ўйин - биз ҳар ўйинда гол ўтказяпмиз. Ҳимоядаги қатъий ўйин нима ҳисобига қуриларди? Таянч ярим ҳимоячиларининг итдек ташланиши ҳисобига. Бири терма жамоада, бири жароҳат олган. Муаммо шунда, биз бутун ўйинни ҳимоядан қурамиз. Аммо ҳозир гол ўтказиб юборганимизда, сочилиб кетяпмиз, қаранг қандай бўшлиқлар, даҳшат. Бундай ўйнаб бўлмайди. Мен буни тушуниб олишим керак ва танаффус айни муддао бўлади.
- Танаффусдан кейин Ҳамроев ва Рўзиев сафга қайтишини кутиш мумкинми?
- Танаффусдан кейин Рўзиевни кўришни жуда хоҳлардим ва Хайруллаевларнинг терма жамоа билан ҳолати қандай бўлишини билмайман. Балки танаффусдан сўнг жароҳатланганлар сафга қайтар, Убайдуллаев қайтиши мумкин. Ҳаммасини қайта йиғишга ҳаракат қиламиз, чунки ҳозир содир бўлаётган нарсалар - бу фожиа.
- Сиз Хайруллаев ва Жавоҳир Рўзиевнинг йўқлиги ўз таъсирини ўтказганини айтдингиз. Бугун ўйин бошида захирадан Озодбек Ражабов майдонга тушди. Аслида у ёмон ҳаракат қилмади. У ҳақида нима дея оласиз, чунки у кўплаб курашларда ютиб чиқди?
- Менга ҳам унинг ўйини ёқди. Жуда ёқди. Тажрибали футболчиларимиздан фарқли ўлароқ, у ўйнашга ҳаракат қилди, курашда ютиб чиқди ва тўпни олдинга олиб ўтди. Биз эса шунчаки тўпни ҳаракатлантиришни тўхтатдик, муаммо шунда. Биз шунчаки яшириниб олдик. Биз тўпни ҳаракатлантирмаяпмиз. Ҳимояда, авваллари ҳам ҳимояланганда - тўпга эгалик қилганмиз ва назорат асосий ўринда бўлган демайман, лекин ҳимояда тартибли ўйнаганмиз. Ва ҳимоядан ҳужумга ўтганмиз. Яна бир бор айтаман, таянч ярим ҳимоячилари берадиган ўт йўқ. Ва тан олинг, дарвозабон бизни тез-тез қутқариб қоларди. Қаердадир қайсидир вазиятларда шунчаки омадимиз келарди. Ҳозир эса омадимиз келмаяпти, ўзимизга ўзимиз гол ураяпмиз. Икки ўйинда ўз дарвозамизни ишғол қилдик. Мана шу нарсани ҳозир таҳлил қилиб чиқиш керак. Соф психологик жиҳатлар. Биз майдонга тушамиз ва биринчи 10 дақиқада йўқмиз. Дарҳол рақибга имконият бериб юборамиз ва кейин ўйнашда давом этамиз.
- Йиғинлардан кейинги танаффусдан сўнг, таянч зонасида зичроқ ўйнаш учун учта марказий ҳимоячи тактикасига ўтиш эҳтимоли борми?
- Биз ўзи беш ҳимоячи билан бошлагандик... Танаффусдан кейин айнан шундай бошлаган эдик, мен жаҳон чемпионатидан кейин Эсанов биздан кетиши мумкин деб ўйладим ва биз бешталик ҳимояга ўтган эдик. Лекин кейин жаҳон чемпионати бўлди ва у кетиши мумкин эди... Мен мураббий сифатида буни олдиндан кўришим керак. Шунинг учун бизда бундай креатив ярим ҳимоячи бўлмаслигини ҳисобга олиб, бешталик ҳимояга ўтган эдик. Дастлабки икки-уч ўйинда ўйнадик, Шер чемпионатдан қайтди, у таркибга туша олмади. Ёрдам бера оладиган терма жамоа ўйинчисини захирада ушлаб туриш - бу ҳам ақлга сиғмайди. Шунинг учун яна тўртта ҳимоячига қайтдик. Бешта ҳимоячига ўтиш бизга сезиларли ёрдам беради деб ўйламайман, гарчи биз бешталикда ўйнашни билсак ҳам, бизда имкониятлар бор. Лекин майдон маркази, майдон марказини биз бой беряпмиз. Муаммо мана шунда.