Алан Ширер: «Ҳакамлар VAR тизимига ҳаддан ташқари таянилиб қолишган, бу эса ҳакамлик сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда»
«Ньюкасл» ҳамда Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Алан Ширер инглиз футболидаги ҳакамлик даражасидан норози эканлигини билдирди. Мазкур танқидий фикрлар Англия Премьер-лигасининг 31-тури доирасидаги «Манчестер Юнайтед» ва «Борнмут» (2:2) учрашувидан сўнг янгради.
Баҳснинг 67-дақиқасида, ҳисоб 1:0 кўринишида «МЮ» фойдасига ҳал бўлаётган бир вазиятда, манкуниянликлар ҳужумчиси Амад Диалло рақиб жарима майдонига ёриб кирди. Ўшанда «Борнмут» ҳимоячиси Адриен Трюффер уни қўллари билан итариб юборган бўлса-да, бош ҳакам Стюарт Аттвелл ушбу вазиятда қоида бузилишини қайд этмади.
Мазкур эпизоддан сўнг бошланган қарши ҳужум натижасида «Борнмут» мувозанатни тиклади, голли узатмани эса айнан Трюффер амалга оширди.
«Ҳозирги ҳакамлик даражаси сўнгги йиллардаги энг ёмони бўлиб турибди ва вазият тобора оғирлашмоқда. Ҳакамлар VAR тизимига ҳаддан ташқари таянилиб қолишган, бу эса ҳакамлик сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг оқибатлари жуда хунук кўриниш олмоқда», — дея Ширернинг сўзларини келтирмоқда BBC.