«Ал Иттиҳод» Энсо Фернандес учун «Челси»га расмий таклиф тайёрламоқда
Саудия Арабистонининг «Ал Иттиҳод» клуби «Челси» яримҳимоячиси Энсо Фернандесни ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Агар томонлар ўзаро келишувга эриша олишса, аргентиналик футболчи ушбу жамоага ўтиши мумкин. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Экрем Конур хабар бермоқда.
Гарчи Фернандеснинг ўзи Саудия Арабистонига кўчиб ўтишга шубҳа билан қараётган бўлса-да, клубнинг молиявий имкониятлари унинг фикрини ўзгартиришга туртки бўлиши мумкин. Шунингдек, футболчини «ПСЖ» ва «Реал Мадрид» каби Европа гигантлари ҳам диққат билан кузатиб боришмоқда ва улар трансфер учун асосий даъвогарлар қаторида кўрилмоқда.
Ўз навбатида, «Челси» Фернандесни жамоада қолдиришга ҳаракат қилмоқда ва унга янада яхшироқ шартларга эга янги шартнома таклиф этмоқда. Жорий мавсумда ярим ҳимоячи «аристократлар» сафида 46 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол ва 6 та голли узатма муаллифлигини қайд этди.
Унинг Лондон клуби билан амалдаги шартномаси 2032 йилгача мўлжалланган бўлиб, Transfermarkt портали маълумотларига кўра, бозор қиймати 90 миллион еврони ташкил этади.