«Ал-Ҳилол» ва «Ал-Аҳли» «Барселона» ярим ҳимоячиси Марк Касадога қизиқмоқда
«Барселона» ярим ҳимоячиси Марк Касадо фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин. Журналист Екрем Конур маълумотига кўра, «Ал-Ҳилол» ва «Ал-Аҳли» 22 ёшли испаниялик футболчини ўз сафларига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда.
Манбанинг қайд этишича, ҳар икки Саудия клуби Касадо учун 40 миллион евроғача тўлашга тайёр. Футболчининг ўзи эса келажаги борасида шошилинч қарор қабул қилмоқчи эмас ва мавжуд таклифларни батафсил ўрганиб чиқишни истамоқда.
Шу билан бирга, Касадонинг келажаги бўйича маълумотлар бир-биридан фарқ қилмоқда. Фабрицио Романо 17-август куни футболчининг «Барселона»ни тарк этиши мумкинлиги ҳақида ёзган, бироқ «Ал-Ҳилол» билан музокаралар олиб борилмаётганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Касадо ўтган мавсум «Барселона» сафида барча мусобақаларда 34 та учрашувда майдонга тушиб, битта голли узатма амалга оширган. Унинг каталонияликлар билан шартномаси 2028 йилгача амал қилади.